Рамазон – аввало, иймон мактаби, “қалбларимиз келаси Рамазонга қадар янги куч йиғиб оладиган бекати». Зеро, иймону амалларимизни ислоҳ этиб оладиган фурсат мабодо бу галги Рамазон бўлмаса, у ҳолда қачон? Бу баракотли кунлар дарҳақиқат амалларимиз, одатларимиз ва ахлоқимизни тузатадиган ҳақиқий мактаб саналади: «Аниқки, то бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас» (Раъд: 11). Агар сиз тақво талабларини бажарган ҳолда, Рамазондан яхшиликларни қўлга киритган ҳолда чиққан бахтли зотлар қаторида бўлсангиз, у ҳолда Аллоҳга ҳамд айтингиз, ва дуоларингизга шуни сўрангизки, сизга то ўлим соати келиб, жон чиққунига қадар Аллоҳ сизга истиқомат берсин. Аммо зинҳор аввал либос тикиб, бир жойи унамай қолгач, уни йиртиб ташловчига, ёки куни бўйи меҳнат қилиб пул топиб, кечаси билан топган пулларини кўкка совурадиган беақлга ўхшаб қолманг. Зеро Рамазондан кейин тақво ва тоатни унутиб, яна гуноҳ ва маъсиятларга шўнғиб кетувчининг мисоли шунга ўхшайди: Аллоҳ унга ҳидоят ва яхшилик берганидан сўнг у залолат ва гуноҳлар алангасига шўнғийди. Аллоҳни фақат Рамазондагина эсга олувчилар нақадар ношукур кимсалар-а! Киши қилган амалларнинг қабул бўлаётгани – киши Аллоҳнинг тоатида бардавом турганидан билинади. Шу ўринда Аллоҳнинг берган ҳақ ваъдасини эсга олмоғимиз ўринлидир: «Қасамки, агар берган неъматларимга шукр қилсангизлар, албатта (уларни янада) зиёда қилурман» («Иброҳим», 7). «Шукр — гуноҳлардан воз кечишдир» — дейишган илк мусулмонлар. «То сизга аниқ нарса (яъни, ўлим соати) келгунича Парвардигорингизга ибодат қилинг!» («Ҳижр» 99). Мусулмон киши доим Аллоҳга садоқатли бўлмоғи, Шариат кўрсатмаларига риоя этмоғи зарур. Парвардигорига бир йилда бир ойгина ва бир ўриндагина ибодат қилувчилар қаторида қолмаслик учун эса, ўз иймонида қутб юлдузидай силжимай турмоғи лозим. Рамазоннинг Эгаси бошқа барча ойларнинг ҳам Эгасидир. У Зот — барча замону ва маконнинг Эгаси. Мусулмон то Аллоҳ билан учрашгунча Унинг шариатига содиқ қолади. Аллоҳ таоло айтди: “Бас (эй Муҳаммад), сиз ва сиз билан бирга тавба қилган зотлар ўзингизга буюрилгани янглиғ Тўғри йўлда бўлингиз! ” («Ҳуд», 112). «Бас сизлар Унинг Ўзига тўғри (тоат-ибодатда) бўлингиз ва Ундан мағфират сўрангиз!» («Фуссилат», 6). Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: «Раббим Аллоҳ» дегин-да, сўнгра истиқоматда бўл» (Муслим). Рамазон ойи ниҳоясига етгач, яна ихтиёрий рўзалар ҳам борлиги ёдингизда бўлсин,— Шаввол ойида олти кун, ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунлари, бундан ташқари Ашуро ва Арафот кунлари ва бошқа кунлар; агар Рамазонда таровийҳ намозлари ўқиладиган бўлса, ҳали йил давомида ўқиладиган тунгги ихтиёрий намозлар ҳам бор; агар Рамазонда фитр садақаси адо этиладиган бўлса, садақотлар учун Закот, ушр ва яна бошқа молиявий ибодатлар бор; Қуръон тиловати ва уни тадаббур этиш фақат Рамазон ойи билангина чекланган эмас, балки йил мобайнида, балки ҳаётимиз мобайнида давом этиши зарур – яхши ишларни замон ва макондан қатъий назар амалга ошираверишимиз лозим. Шундай экан, азиз мусулмон биродарлар ва муслима опа-сингиллар, Аллоҳнинг амрлари учун бор имкониятимизни ишга солайлик, зинҳор ялқовликка йўл бермайлик. Фарз ибодатларни бой беришдан сақланайлик, зеро бой берилган фурсат биз учун қайтиб келмайди. Қўлимизни гуноҳдан, тил, кўз ва қулоқларни ҳаромдан эҳтиёт қилайлик, маъсият ишларни қилиб қўйиб, тағин Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлиб қолмайлик: банда Аллоҳга осий бўлар экан, ўтган солиҳ амаллари қанчалик кўп бўлмасин, бирортаси Аллоҳнинг ғазабини тўсиб қола олмайди. Ҳар нафас ўз иймон-эътиқодимизда мустаҳкам бўлайлик, зеро бир кун келиб нафасларимизнинг энг сўнггиси бўлгусидир. «Эй Аллоҳ, қалбларни ўзгартирувчи Зот, қалбларимизни Сенинг динингда мустаҳкам қил!» MuslimUzbek |